МАДАНИЯТ

Муҳаббат ўлкаси – Ҳиндистон таассуротлари

1.      Ню-Деҳли
Аэропортдан чиқиб, Ню-Деҳли кўчаларига қадам қўйган заҳотингиз бу мамлакатнинг ўзига хос оламига дуч келасиз. Қадимийлик ва замонавийлик, анъана ва тараққиёт, турфа маданиятлар ва қарашлар уйғунлашиб кетган. Бир томонда асрлар силсиласидан омон қолган тарихий иншоотлар, иккинчи томонда замонавий бинолар, метро ва шиддатли шаҳар ҳаёти кишини ҳайратга солади. Бу юртни фақат кўриш эмас, англаш ҳам кераклигини дастлабки дақиқаларданоқ ҳис қиласиз.
 
Сафар режаси
Маданий мерос агентлиги томонидан нашрга тайёрланган “Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реейстри”нинг 4-томида Ҳиндистоннинг Патна шаҳрида жойлашган Худо бахш Шарқ кутубхонасида юртимиз алломаларига тегишли бўлган 85 номдаги асар мавжуд бўлиб, уларнинг 7 таси Ибн Сино қаламига мансублиги таъкидланган. “Қуруқ гапнинг ўзи ҳеч қачон далил бўлолмайди”, дейилади аллома ҳикматларида. Экспедисия аъзолари ушбу асарлар билан танишиш, Худо бахш Шарқ кутубхонасида ва Алигарҳ шаҳридаги Ибн Сино академияси фондларида янги аниқланган ва бобомизнинг ҳали бирор реейстрга киритилмаган 109 номдаги қўлёзмасини ўрганишни ният қилишган. Сафаримизнинг илк кунларида Ҳиндистон пойтахти Ню-Дели шаҳрида бўлиб, ўзбек-ҳинд маданий алоқалариниг нақадар қадимийлигига яна бир амин бўлдик. Аждодларимизнинг, хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган буюк сулола яратган тарих бугунги кунга қадар Ҳиндистон тарихининг энг муҳим жиҳати эканлигини намоён этиб турибди.
Мен учун бу сафарнинг яна бир мақсади Ҳиндистон заминидаги Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ жиҳатларни ҳам кўриш эди. Ахир халқлар тарихини фақат давлат чегаралари билан ўлчаб бўлмайди. Асрлар давомида илм-фан, адабиёт, савдо-сотиқ ва маданий алоқалар орқали шаклланган ришталар борки, улар масофаларни ҳам, замонларни ҳам енгиб ўтади.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги тарихий муносабатлар ана шундай муштарак саҳифаларга бой. Амир Темурнинг Ҳиндистонга юриши, Ҳазрат Бобур Мирзонинг бу заминга келиши ва Ҳиндистонда буюк Бобурийлар сулоласига асос солиши – икки халқ тарихида алоҳида ўрин тутадиган воқеалардир. Бундан ташқари Ҳиндистонда буюк аждодларимиз Абу Али ибн Сино ва Абу Райҳон Берунийга алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Зеро, Берунийнинг “Китоб ул-ҳинд” (“Ҳиндистон”) асари Ҳиндистон ҳақида ёзилган илк ноёб илмий асарлардан бири бўлиб айнан шу асар туфайли “XI аср Беруний асри” деб номланган. Ибн Синонинг эса “Тиб қонунлари” ҳинд халқ табобати ва замонавий тиббиётдаги асосий қўлланмадир.
 
Кечаги тарих ва бугунги тараққиёт
 
Ню-Деҳлининг яна бир ўзига хос жиҳати – тарих билан тараққиётнинг ёнма-ён, бир параллелда эканлигидир. Метро бекатларидаги ҳаракат, йўллардаги тинимсиз оқим, замонавий савдо марказлари ва тарихий иншоотлар бир-бири билан уйғунлашиб, бугунги Ҳиндистон қиёфасини акс эттиради. Шаҳарни кузатар экансиз, тараққиётнинг муҳим шартлари ҳақида ҳам ўйлайсиз ва миянгиз ачиб кетади.
БМТ маълумотларига кўра бугунги кунда Ҳиндистон аҳолиси 1 миллиард, 476.6 миллион. Ню-Дели аҳолиси эса 23 миллиондан ортиқ. Энди тасаввур қилаверинг. Метро, автобус, машина, рикша, мотосикл, велосипед, пиёдалар қоришиб кетган йўллардан ўтиб борар экансиз эртаклар оламига тушиб қолгандек бўласиз. Назаримда, ҳинд халқи анча хотиржам экан. Шунча тирбандлик ва босимда асабийлашиб, бир-бири билан уриб-бақираётган ёки бир-бирига ҳурматсизлик кўрсатаётган одамларни кўрмайсиз. Бу ҳам бир ибрат. Ҳатто толотўп бозор кўчаларида ҳам ҳар ким ўз йўлида ва ўз ўй-хаёли ва дарди билан. Аммо тозалик ва чиқиндилар масаласи алоҳида мавзу...
Сафар давомида ўйлаб қолдим: Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни фақат китоблар ва илмий тадқиқотлар орқали эмас, замонавий медиа имкониятларидан фойдаланган ҳолда ҳам кенг тарғиб қилиш керак экан. Масалан, икки мамлакат тарихида из қолдирган буюк шахслар, алломалар, шоирлар, меъморий обидалар ва тарихий манзиллар ҳақида қўшма ҳужжатли филмлар яратиш мумкин. Бундай лойиҳалар нафақат тарихий билимларни бойитади, балки халқлар ўртасидаги маънавий яқинликни ҳам мустаҳкамлайди.
 Қизил қалъа (Ред Форт)
Ню-Деҳлида бобурийлар тарихи билан боғлиқ бир неча тарихий масканлар бор. Қизил қалъа, Жоме масжиди, Ҳумоюн мақбараси, Бедил боғи шулар жумласидандир.
Сафаримиз давомида Қизил қалъани томоша қилиш алоҳида таассурот қолдирди. Ҳиндлар «Лал Қила» деб атайдиган бу муҳташам иншоотга яқинлашар экансиз, унинг қизил тошдан қад ростлаган улкан деворлари беихтиёр эътиборингизни тортади.
Қизил қалъа 1638 йилда Бобурийлар сулоласининг бешинчи ҳукмдори Шоҳ Жаҳон томонидан қурдирила бошланган ва 1648 йилда якунланган. У янги пойтахт – Шоҳжаҳонободнинг сарой-қалъаси сифатида барпо этилган. Бу иншоот нафақат ҳарбий мудофаа вазифасини бажарган, балки салтанатнинг қудрати, меъморий диди ва маданий салоҳиятини намоён этган. Қалъа ҳудудига кирганингизда, унинг меъморий ечимлари, саройлари, павилонлари ва нақшларида турли маданиятлар уйғунлигини кўрасиз. Форс, темурий ва ҳинд меъморчилик анъаналари бир-бири билан қоришиб, ўзига хос услубни шакллантирган. Айниқса, сарой хоналари орқали ўтган «Наҳри биҳишт» – «Жаннат ариғи» деб аталувчи сув йўли ўтмишдаги ҳашамат ва нафосатдан дарак беради. Қизил қалъани Бобурийлар салтанатининг юксалиши, кейинги таназзули ва Ҳиндистон тарихидаги улкан сиёсий ўзгаришларни акс этган маскан ҳам дейиш мумкин.
1857 йилги воқеалардан кейин қалъа Британия мустамлакачилиги даврининг ҳам гувоҳи бўлди. Ҳиндистон мустақилликка эришганидан кейин эса унинг Лоҳур дарвозаси устидаги майдон мамлакат миллий мустақиллигининг рамзига айланди. Ҳар йили 15 август куни Ҳиндистон Бош вазирининг давлат байроғини кўтариб, халққа мурожаат қилиши ҳам шу ердаги тарихий анъанага айланган. Қизиғи шундаки, бугунги кунда қалъага кунига 12.000-15.000 саёҳатчи келар экан. Айниқса, кечки пайтда ниҳоятда гавжум бўлар экан.
Қизил қалъа 2007 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлиб, пойтахтдаги энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган маскан ҳисобланади.
 
Ҳумоюн мақбараси (Ҳумаюнъс Томб)
 
Ҳумоюн мақбараси Ҳиндистондаги муҳташам меъморий ёдгорлик бўлиб,  XVI асрнинг 2-ярмида  Деҳли шаҳрида Ҳумоюннинг ўғли Акбаршоҳ томонидан қурилган. Мақбара мурабба тарҳли (47х47 м) бўлиб, умумий баландлиги 37,5 метрни ташкил этади. Икки қаватли ушбу мақбара қизил қумтош ва оқ мармардан бунёд этилганлиги айтилади.. Асосий бино 3 қисмдан иборат бўлиб, бош тарзи пештоқ-равоқли, марказий хона қўш гумбазли, унинг ёнидаги доира-кўшк шаклидаги хоналар тепасига гумбазли қафасаларишланган. Мақбара атрофи девор билан ўралган чорбоғнинг марказида жойлашган. Мақбара мажмуасида Бобурийлар сулоласи вакилларинг 150 дан ортиқ қабри мавжуд. Шу сабабдан бўлса керак, “Бобурийлар сулоласи мақбаралари мажмуаси” ҳам дейилар экан. Мақбаранинг марказий гумбазида Ўрта Осиё ва Эрон меъморлигининг таъсири сезилади. Ҳумоюн мақбараси кейинчалик бунёд этилган Тожмаҳал учун намуна вазифасини ўтаган экан.
Ҳумоюн мақбараси 1993 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
 
Жума масжид (Жама Масжид)
 
Ню-Делининг эски қисмида жойлашган ушбу ибодатхона Ҳиндистондаги энг йирик ва тарихий масжидлардан бири. У Буюк Бобурийлар сулоласи даврида император Шоҳ Жаҳон томонидан бунёд эттирилган. Унинг асл номи Масжиди Жаҳоннума бўлиб, форс тилида «Жаҳонни акс эттирувчи масжид» деган маънони англатади.
Жума масжиди нафақат диний иншоот, балки Бобурийлар империясининг сиёсий ва маданий қудратини ифодаловчи тарихий ёдгорлик ҳамдир. У Қизил қалъа ва Чандни Човк бозори билан биргаликда эски Деҳлининг тарихий қиёфасини шакллантиради.
Масжиднинг учта катта кириш дарвозаси мавжуд. Иккита баланд минораси бор. Учта катта гумбаз билан безатилган. Ҳовлиси бир вақтнинг ўзида тахминан 25 минг намозхонни сиғдира олади. Минораларининг баландлиги тахминан 40 метр. Масжиднинг шарқий дарвозаси тарихда император ва унинг оиласи учун мўлжалланган экан.
 
Бедил – икки заминни боғлаган маънавий кўприк
 
Сафар давомида менда маҳзун таассурот қолдирган манзиллардан бири Мирзо Абдулқодир Бедил номи билан боғлиқ зиёратгоҳ бўлди. Бу жой Ню-Деҳлидаги Боғи Бедил (Багҳ-э-Бедил) деб аталади. У Пурана Қила қалъаси рўпарасида, Матхура йўлида жойлашган.
Бедил 1644–1720 йилларда яшаб, форс тилида ижод қилган атоқли шоир, файласуф ва мутафаккир. Унинг асарлари нафақат Ҳиндистон, Эрон, балки Марказий Осиёда ҳам кенг тарқалган. Айниқса, ўзбек мумтоз адабиёти ва зиёлилар тафаккурида Бедил ижодининг таъсири сезиларли бўлган. Бунга қадимда ўтказилган Бедилхонликлар ҳам мисол бўла олади.
Мирзо Абдулқодир Бедил қабри қаршисида туриб, бир нарсани ўйлайсиз: инсон қайси заминда яшамасин, унинг ҳақиқий умри қолдирган маънавий мероси билан ўлчанади. Бинобарин, Бедил бугун ҳам ўқилаётгани, ўрганилаётгани, турли халқлар томонидан қадрланаётгани билан бунга мисолдир.
 
Ранглар тилида сўзлаётган Ҳиндистон
 
Ҳиндистонни тарихий обидаларсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, уни рангларсиз ҳам тасаввур қилиш қийин. Кўчалардаги ранг-баранг манзаралар, аёлларнинг миллий либоси – сари, бозорлардаги турфа маҳсулотлар, қизил рангнинг тўй ва маросимлардаги алоҳида ўрни бу халқнинг бой маданий дунёсидан дарак беради. Айниқса, сари кийган аёлларни кўрганингизда, либоснинг шунчаки кийим эмас, балки миллий ўзлик ва анъаналар ифодаси эканини англайсиз. Қизил ранг эса ҳинд маданиятида муҳаббат, никоҳ, бахт ва хайрлилик каби тушунчалар билан боғлиқ рамзий маъноларни ифодалайди.
Маҳаллий бозорлар ҳам алоҳида бир олам. Биз учун нотаниш бўлган сабзавотлар, жумладан, аччиқ таъмли таомлар, турли зираворлар ва мева-чевалар Ҳиндистоннинг овқатланиш маданияти ҳақида тасаввур беради. Оддий бозор айланиш эса ҳам бир халқнинг турмуш тарзини ўрганиш имкониятига айланади. Ахир доно халқимиз Доно халқимиз “Тўқ бўлсанг, мозорга бор, оч бўлсанг, бозорга бор”, деб бежизга айтмаган.
Дарвоқе, Ҳиндистоннинг таълим тизими, тиббиёти ҳақида узоқ гапириш, мулоҳаза юритиш мумкин... Бу алоҳида бир мавзу...


 
     Холиёр Сафаров,
                                                                                            “Ўзбекистон тарихи” телеканали бош муҳаррири

Юрган дарё дейишади. Сафар қилиш инсонни фикрлашга, қиёслашга ундайди, тафаккурингизни бойитади, тарихга бўлган қарашларингизни ўзгартиради. Ҳиндистонга сафаримиз мен учун ана шундай маънавий ва интеллектуал саёҳатлардан бири бўлмоқда. Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Синонинг Ҳиндистон кутубхона ва фондларида сақланаётган қўлёзмаларни ўрганиш мақсадида Ибн Сино жамоат фонди ташаббуси билан амалга оширилаётган биринчи илмий экспедисияда бунга амин бўляпмиз.

Ўзбекча

МАДАНИЯТ

обуна

Газетамизга обуна бўлинг

Бизнинг журналимиза обуна бўлинг ва эксклюзив мақолалар, фотосуратлар ва интервюларни олинг. Ўқувчиларимиз жамоасига қўшилинг ва ҳар бир сонни биринчи бўлиб олинг!