ДОЛЗАРБ

АҚШда момақалдироқ пайти самолёт ўрмонга қулаб, бортдагиларнинг барчаси ҳалок бўлди

АҚШнинг Висконсин штатида олти ўринли Пипер ПА-46 самолёти ўрмонга қулаб тушди. Бортдаги олти кишининг барчаси, жумладан, бир нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда NBC Chicago хабар берди.

Самолёт 13-октябр куни кечқурун Кеноша шаҳридан Меномони томон учаётганида Миррор Лаке давлат боғи яқинидаги ўрмонзор ҳудудга қулаган. Ўша пайтда ҳудудда кучли ёмғир ёғиб, момақалдироқ кузатилаётган эди.

АҚШ Транспорт хавфсизлиги миллий кенгаши (НТСБ) маълумотига кўра, самолёт тахминан 7,3 минг метр баландликда учаётганида учувчи қанотларни муз қоплаётгани ҳақида авиадиспетчерга хабар берган. У баландликни пасайтиришга рухсат сўраган.

Диспетчер рухсат бергач, самолёт ўнг томонга бурилиб, пастлай бошлаган. Бироқ кўп ўтмай унинг пасайиш тезлиги кескин ошган ва ҳаво кемаси билан алоқа узилган. Самолётнинг жойлашувига оид маълумотлар ҳам йўқолган.

Саук округи шерифи идорасига ҳалокат ҳақида бир нечта хабар келиб тушган. Воқеа жойига етиб борган қутқарувчилар самолётдаги беш нафар катта ёшли йўловчи ва бир боланинг жасадини топган. Ердаглардан ҳеч ким жабрланмаган, биноларга ҳам зарар етмаган.

Ҳалокатга нима сабаб бўлган?

КСТП телеканали маълумотига кўра, самолётни тажрибали учувчи, Вудсвилл шаҳридан бўлган тадбиркор Рон Рик бошқарган. Меномони аэропорти комиссияси раиси Даниэл Жонсон учувчини ўн йиллардан бери танишини айтиб, унинг ўлимидан қайғуда эканини билдирди.

“У жуда яхши инсон ва катта тажрибага эга учувчи эди. Бу ҳақиқий фожиа”, деди Жонсон.

Унинг фикрича, ҳалокатга самолётнинг ноқулай об-ҳаво шароитида учиши билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлган бўлиши мумкин. Жонсон Пипер туридаги самолётлар момақалдироқ пайтида қийинчиликларга дуч келиши билан танилганини айтди.

Мутахассисларнинг тушунтиришича, қанотларда муз тўпланиши самолётнинг ҳавода туриш қобилиятига жиддий таъсир кўрсатади. Ҳатто юпқа муз қатлами ҳам учишни хавфли ҳолатга келтириши мумкин.

Ҳалок бўлган бошқа йўловчиларнинг шахси ҳозирча ошкор қилинмаган. Ҳодисанинг аниқ сабабларини АҚШ Транспорт хавфсизлиги миллий кенгаши текширмоқда

Қурбонлар орасида бир нафар бола ҳам бор. Самолёт қулашидан олдин учувчи қанотларни муз қоплагани ҳақида хабар берган.

Фото: NBC News

Ўзбекча

ДОЛЗАРБ

обуна

Газетамизга обуна бўлинг

Бизнинг журналимиза обуна бўлинг ва эксклюзив мақолалар, фотосуратлар ва интервюларни олинг. Ўқувчиларимиз жамоасига қўшилинг ва ҳар бир сонни биринчи бўлиб олинг!