ДОЛЗАРБ

Шавкат Мирзиёев дунёнинг энг нуфузли мусулмонлари рейтингида 40-ўринни эгаллади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев дунёнинг энг нуфузли 500 нафар мусулмонлари рўйхатидан жой олди. У Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари орасида энг юқори натижани қайд этди. 

Қироллик Ислом стратегик тадқиқотлар маркази 2027-йил учун «Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони» рейтингини эълон қилди. Унда Шавкат Мирзиёев 40-ўринга жойлаштирилган.Рейтинг муаллифлари Ўзбекистон президентининг «Янги Ўзбекистон» ислоҳотларига алоҳида эътибор қаратган.

Жумладан, иқтисодиёт ва валюта бозорини либераллаштириш, мамлакатни хорижий инвестициялар учун очиш, халқаро савдони кенгайтириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ҳамда пахта далаларида мажбурий меҳнатга барҳам берилиши эътироф этилган.


Шунингдек, унинг қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилашга қаратилган ташқи сиёсати, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотлари ҳам қайд этилган.Ҳисоботда Ўзбекистонда ислом меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш борасидаги ишлар ҳам алоҳида таъкидланган. Хусусан, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий мажмуалари, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, тарихий мадрасаларни реставрация қилиш ҳамда Тошкентдаги Ислом сивилизацияси маркази лойиҳалари эътироф этилган.

Марказий Осиёнинг бошқа вакилларидан Тожикистон муфтийси Саидмуқаррам Абдулқодирзода ҳам рейтингга киритилган. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва хонанда Димаш Қудайберген ҳам рўйхатдан жой олган. Қирғизистон ва Туркманистон вакиллари эса бу йилги рўйхатга киритилмаган. 

Рейтингнинг яна бир ўзига хос жиҳати — унда илк бор биринчи ўрин беш нафар шахсга биргаликда берилган. Бунга Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасида 2026-йил 7-августда имзоланган Макка қўшма мудофаа пакти сабаб бўлган.

Биринчи ўринга Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, мамлакат Қуролли кучлари бош қўмондони Асим Мунир ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон киритилган.

Эслатиб ўтамиз, рейтингда дастлабки 50 нафар шахс аниқ ўринлар билан кўрсатилади. Қолган иштирокчилар эса фаолият йўналишлари бўйича тоифаларга ажратилади.

Ўзбекистон президенти 40-ўринни эгаллаб, минтақадаги энг юқори натижани қайд этди. “Макка пакти” сабабли илк бор рейтингда биринчи ўринни 5 киши қўлга киритди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекча

ДОЛЗАРБ

обуна

Газетамизга обуна бўлинг

Бизнинг журналимиза обуна бўлинг ва эксклюзив мақолалар, фотосуратлар ва интервюларни олинг. Ўқувчиларимиз жамоасига қўшилинг ва ҳар бир сонни биринчи бўлиб олинг!